Юсуф Розиқов: "Томошабин оломон эмас"

Юсуф Розиқов:

Юсуф Розиқов: "Томошабин оломон эмас"

  • 26/05/2021
  • Суҳбат

Томошабин ва кино. Талаб ва таклиф. Бозор ва харидор... Кинотеатрлар гавжумлиги фильмнинг салмоғию савиясига холис баҳо бўла оладими? Идишни тўлдириб, тошиқиб турган кўпик тезда кўздан йўқолади. Орадан йиллар ўтиб, экранда кетаётган фильм телевизорни бошқа каналга олишдан тўхтатса, нечанчидир марта қайта кўришга мажбур этса, кўтарган саволлари билан яна ва яна ўйлантирса, асарнинг чин қиймати шунда эмасмикан?.. 

Юсуф РОЗИҚОВ ўн беш йилдирки ижодини Россияда давом эттиряпти. Бироқ “Олов қаъридаги фаришта”, “Воиз”, “Дилхирож”, “Эркак”, “Аёллар салтанати”, “Хотира рашки”, “Ўртоқ Бойкенжаев” ва бошқа фильм ва сериаллари ҳамон биз билан бирга. Халқимиз бу киноасарлар қаторида, албатта, режиссёрини ҳам мухлислик соғинчи ила эслайди.

– Юсуф ака, интеллектуал томошабинларимиз Сизни соғинди. Сиз-чи?

 – Жавоб аниқ: албатта соғинаман. Гарчи ҳамкасбларим, ҳамфикрларим – Эркин Аъзам, Шуҳрат Ризаев, Зулфиқор Мусоқов, Жаҳонгир Қосимов ва бошқа дўстлар билан тез-тез мулоқотда бўлиб турсак-да, очиғи, бу учрашувлар, дийдор онлари камлик қилади, тўймай қоламан. Начора, тақдир тақозоси шундай экан...

– “Ўзбекфильм” киностудиясига маълум муддат раҳбар бўлдингиз. Юртимизда ўтган кинофестиваллар, турли тадбирларга мезбонлик қилгансиз. Энди эса Сизни азиз меҳмонлар қаторида қарши оляпмиз. Меҳмон ва мезбон Юсуф Розиқовнинг бугунги миллий киномизга холис муносабатини билишни истардик.

– Шу йили “Олтин Ҳумо” миллий мукофотининг ҳакамлар ҳайъати раиси сифатида энг яхши ўзбек фильмларини кўриб чиқиш имконига эга бўлдим. Бу янги авлоднинг ўзига хос ҳисоботи ҳам эди. Очиғини айтсам, аксарият ишлар мени қувонтирди. Мавзудаги якрангликка қарамай, ёндашувда ўзгачалик сезилади, ёрқин операторлик ишлари бор. Номма-ном санаб ўтишимга ҳожат йўқ, ҳаммаси мукофот доирасида муносиб тақдирланди. Ўтган ўн беш йил мобайнида – фаолиятимни Россияда давом эттира бошлаганимдан кейин ҳам Ватан билан алоқаларни узмадим – Зулфиқор Мусоқов, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддиновнинг тош босадиган деярли барча фильмларини кўрдим, муваффақиятларидан қувондим. Биз ҳамкасблар билан ҳазиллашиб “хонтахта” деб номлаган тижорий фильмлар тўлқини ҳам мени қай бир маънода қизиқтиради. Тақдирлаш маросимида бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдим. Агар томошабин шундай киномаҳсулотларни истаса, бунга тўсқинлик қилиш ҳам инсофдан эмас.

– ТошДУнинг филология факультетида таҳсил олгансиз. Кинематографияга ўтиб кетишингизга нима сабаб бўлди?

– ТошДУга ўқишга киргунимча тўрт қисмли “Кекса устанинг васияти” фильмида бош қаҳрамонни ижро этибоқ кинога “заҳарланиб” қолгандим. Университетда сиртқи бўлимда ўқирдим. Шу боис чироқчи (ёритувчи) бўлиб иш бошлашимга халақит бермади. Боз устига, ҳарбий хизматга кетиб, таҳсилни тамомлашга ҳам улгурмадим.

– Кўплаб фильмларнинг сценарий муаллифисиз. Бу адабиёт таълимини олганингиз таъсирида эмасмикин?

– Эсимни танибманки, ўзимча шеърлар машқ қилиб, ҳикоялар қоралаб юрардим. Ҳатто ҳарбий хизматда ҳам бедор тунлари қалам қитирлатишни канда этмадим. ВГИКнинг сценаристлик факультетига имтиҳон топшириш учун абитуриентлар аввал ёзма ижодий ишлари билан танловдан ўтиши керак эди. Ана шунда менга ўша қораламаларим қўл келган. Лекин фақат кинорежиссёр бўлиш иштиёқида ёнар эдим.

– Руҳий ҳолатингиз фильмларингизда акс этадими?

– Руҳий ҳолатни айнан ифодалаш мушкул. Кўпроқ йиғилиб қолган ҳислар, фикрлар фильмларга кўчади, деса тўғрироқ бўлар. Масалан, мен учун “Бойкенжаев” ёки “Воиз”да юртимиз тарихидаги доғларда нафақат “лаънати” большевиклар, балки ўзимиз ҳам айбдормиз, деган ғоя муҳимроқ эди...

– “Дилхирож”, “Эркак”, “Хотира рашки”, “Аёллар салтанати” каби фильмларингизда халқимизнинг нозик жиҳатлари, ўзига хосликлари жуда чиройли тарзда олиб чиқилган. Юсуф Розиқовда бугун ҳам миллий колоритга ана шу ташналик борми?

– Бу шунчаки ташналик эмас, ўз халқи ҳақида ҳикоя қилиш истаги, миллатининг донишмандлигига чуқур эҳтиром. Ҳа, менинг элим шундай кийинади, рақсга тушади, ўзига хос тарзда севади ва шу анъаналарига содиқ. Халқимнинг аниқ шаклланган, ажойиб хусусиятлари булар. Этнографиядан урфга айланган атрибут ўрнида фойдаланишни ҳеч қачон мақсад қилмаганман! Ният шунақа бўлса, илмий-оммабоп, ҳужжатли фильмлар олган маъқул. Агар янги яратажак картиналаримда ҳам миллий колоритга мурожаат этишга тўғри келса, яна ўта эҳтиёткорона ёндашишга ҳаракат қиламан.

Кино мен учун шуҳрат қозониш эмас, балки мулоқот қилиш имкониятидир.

– “Хотира рашки” фильмининг сценарий муаллифи ҳам, бош роль ижрочиси ҳам ўзингиз... Қаҳрамон прототипи ёки шахсида руҳиятингизга яқинлик топганмисиз?

– Фильм бош қаҳрамони Шуҳрат ўзимга кўп томонлама ўхшайди. Фарқимиз шундаки, менинг касбим ташқи дунёдан узилиб, қобиғига ўралиб олишга йўл қўймайди. Буткул тескариси! Қўқонда, Бойсунда ишлаган фильмларим туфайли янги дўстлар орттирдим: уларнинг ҳикояларини жон қулоғим билан тинглар, ўзим ҳам уларга нималарнидир айтиб берар, қизғин мулоқот қилардик. Эркин Аъзам донишмандлиги, виждонлилиги, ноёб истеъдоди билан севимли дўстимга, ҳаммуаллифимга айланди, мени укам деб атаганида ғурурга тўламан. Кинонинг нима эканини тушунгани учун каминадан миннатдорлигини ҳаммага айтиб юради. Ўзим эса қадрдоним шарофати билан Ватаним борасида кўп нарсани англадим. Эркин Аъзам билан бирга юрти Бойсунга боргим келаверади. Кино мен учун шуҳрат қозониш эмас, балки мулоқот қилиш имкониятидир.

– “Сиёсий фильмлар олиш шарт эмас. Фильмларни сиёсий қилиш лозим”, деган эди жаҳон кинематографиясига инқилобий таъсир кўрсатган француз-швейцар кинорежиссёри Жан Люк Годар. Биламизки, “Чўқинтирган ота”, “Какку уяси узра парвоз” картиналари ўз даврида Америка ижтимоий ҳаётида ҳам, сиёсий жараёнларида ҳам муҳим из қолдирган. Албатта, бундай асарлар ишлаш учун режиссёрдан, энг аввало, журъат талаб этилса керак... Сизнинг ҳам бисотингизда ҳали экранга кўп қўйилмаган “Ўртоқ Бойкенжаев”дек сиёсий характердаги фильм бор. Айтинг-чи, Сиз учун журъат нима?

– Коппола билан Форман сиз айтган фильмлари билан тафаккурда инқилоб ясади. Бу, аввало, ижодкорнинг дунёқараши, журъати эмас! Масалан, Леонардо да Винчи ҳар қандай фуқаровий (гражданлик) фаолликларга қарши бўлган. Ватанпарвар Микеланжело ҳам, замондоши Жоржо Вазарининг ёзишича, ҳаддан зиёд қўрқоқ эди... Мен нима демоқчиман, санъаткорнинг жасорати ижодида акс этади. Айнан ўша сатҳда табиатидаги муросасизлик, дадиллик кўзга ташланади. “Ўртоқ Бойкенжаев”га келсак, фильмда сиёсий эмас, шахсий драмани кўраман кўпроқ. Бойкенжаев – ижтимоий ижобий қаҳрамон. Боз устига, исёни ҳам бор. “Партиянинг винти” бўла туриб, йўлини қилиб шахсини намоён этишга уринади! Ўша нобоп шароитда ҳам яратувчанликка интилади, сағир қизчага меҳр кўргазишга имкон топади. Сиз айтаётган сиёсийлиги шундаки, Бойкенжаев одамларни ўзига ишониш, эркин фикрлаш ҳуқуқидан фойдаланишга ундайди.

Бўлажак қаҳрамонларимиз айнан кинозалда ўтирганини унутмайлик.

– Фильмларингизда характер орқали инсон тақдирини очишга урғу берилади. Бинобарин, бугун кинода характер танқислиги кузатилмоқда. Фақатгина сюжетга тўйиниш билан кифояланиляпти... Айтинг-чи, асар танлашда оломоннинг талаби қанчалик аҳамиятли?

– Аввало, томошабин оломон эмас. Ёмон фильмлар томошабинни оломонга айлантиради. Кинотеатрда одамлар кулиш, қайғуриш, турли кечинмаларни туйишга ҳақли. Аммо режиссёр уларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиб, шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаққи йўқ. Феллинининг “Кабария кечалари” фильми ўз даврида кинотеатрлар хитига айланган, бугун ҳам севимли. Томошабинга, кинематографияга бирдек ҳурмат билан ёндашишни шу картина мисолида кўриш мумкин!

Бўлажак қаҳрамонларимиз айнан кинозалда ўтирганини унутмайлик.

– Бугунги томошабиннинг дидини қандай баҳолайсиз? “Харидор – ҳамиша ҳақ” нақлига амал қилиш ҳар доим ҳам ўзини оқлайдими?

– Биласизми, ҳозир кинопрокат аранг кун кўраётир, ўзи. Эҳтимол, бора-бора маънавий ҳордиқ чиқариш турлари орасида унга умуман ўрин қолмас. Бугун интернет ҳар қандай дид эгасига эрмак топиб беришни уддалаяпти. Ҳозир ким кинотеатрга боради? Асосан талабалар. Улар учун кинозал – учрашув гўшаси. Хўш, буни инобатга олиш керакми-йўқми? Агарда сиз кинобизнес билан шуғуллансангиз, томошабиннинг истак-майли билан ҳисоблашишга мажбурсиз: у қандай ҳаётда яшаяпти, унга нима етишмаяпти... Бунинг учун эса ўзингизни оммадан юқори – хос қатлам қаторига қўймасдан, халққа яқинроқ тутишингиз лозим. Бўлажак қаҳрамонларимиз айнан кинозалда ўтирганини унутмайлик. АҚШда йилига 700-800 та фильм суратга олинади, бор-йўғи бир неча ўнтаси “Оскар”га даъвогарлик қилади. Қолганларидан ҳам ҳар ким ўзига керагини олади. Томошабинбоп ҳамда муаллифлик фильмлари орасида мувозанат сақланиши зарур. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор... Ҳаваскор режиссёрлар ном чиқариш илинжида жаҳон киноси дарғаларидан нусха кўчиришга уринадилар. Ўз хаёлларида ақлли, элита асар ишлайдилар гўё. Айнан шундай киномаҳсулотлар ҳам томошабиннинг сийқа сюжетли, енгил-елпи фильмларни афзал кўришига сабаб бўлади.

­– Кинони кўнгилхушлик деб тушунишдан соҳада дилетантизм урчиб бораётгандек. Бунга муносабатингиз қандай?

– Кўнгилочар фильм ишлаш билан кинодаги дилетантизм – бошқа-бошқа тушунчалар. Ҳаваскорлар жиддий картинадан кўра кўнгилочар асар яратишни осон деб ўйлашади, бунинг учун алоҳида профессионал ёндашув шарт эмасдек туюлади. Уларнинг бахтига, томошабин ҳам “хонтахта” фильмлардан ортиқча теранлик кутмайди, сийқаси чиққан маҳсулотларга кўникади. Кейин бундай томошабин дилетантларга гўёки профессионаллик мезони бўлиб қолади. Томошабиннинг саёз талаби ва кинода урчиб бораётган нопрофессионализм ўзаро боғлиқ ҳодиса – икки тарафлама бузилишдан бошқа нарса эмас. Санъаткорда масъулият, жавобгарлик ҳисси бўлмоғи даркор. Дилетантда эса ана шу хислат етишмайди. Кино тилидан қўрқиш, ҳаётни билмаслик, замон муаммоларини тушунмаслик ва фильмларнинг фавқулодда даражада ўхшашлиги – дилетантни таснифловчи сифатлар! Агар титрни олиб ташласангиз, бундай фильмларни бир-биридан умуман фарқлаб бўлмайди ҳам.

– “Кино бозорда дунёга келди ва юз йил ўтиб яна бозорга қайтди” деган гап бор. Наҳотки, кинонинг макони бозор бўлиб қолаверади?

– Бозорда одамлар ўз меҳнат маҳсулларини айирбошлайди. Ҳар ким қўлидан келган ҳунарини пуллайди. Энг яхшисини сотувга чиқаради! Бозорни эгаллаш ҳам ҳаммага эмас. Йўлдош Аъзамов, Элёр Эшмуҳаммедов, Али Ҳамроев, Шуҳрат Аббосов фильмларининг ҳамон бозори чаққон. Халқ ҳали ҳам севиб кўради, шунга маънавий эҳтиёж сезади. Муваққат растани эмас, чинакам бозорни забт этишни кўзлаган ижодкор ўша устозлардан қизиқарли, ёрқин, одамларга керакли фильмлар яратишни ўрганишлари керак. 

Одамларни кинотеатрга етаклаб келадиган куч нима: эстетик завқ олиш истагими, маданий ҳордиқ чиқариш эҳтиёжи... Бизнинг вазифамиз ­– кинобозорда ранг-барангликни таъминлаш, томошабинга танлаш имконини яратиш. Санъатда сифат техникага тўғридан-тўғри боғлиқ эмас. Пиёлани қайси шаклда, қайси технологияда ясаманг, ичида суви бўлмаса, кераксиз сопол бўлагидан фарқи қолмайди

 

Забаржад БОБОЖОНОВА суҳбатлашди.

 

Юсуф Розиқов ­– кинорежиссёр, сценарист. 1957 йил 5 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. Москвадаги кинематография институти (ВГИК)ни тамомлаган (1986). 1999 йилдан “Ўзбекфильм” киностудиясида директор, 2004 йилдан бадиий раҳбари бўлиб ишлаган. “Олов қаъридаги фаришта” (1993), “Воиз” (1999), “Аёллар салтанати” (2000), “Дилхирож” (2002), “Ўртоқ Бойкенжаев” (2002), “Табиб” (2003), “Эркак” (2004) фильмлари режиссёри. “Домла”, “Тартиб” телесериалларини суратга олган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби (2001).

“Воиз” фильми 1999 йили “Киношок” халқаро фестивали бош совринини қўлга киритган. “Ўртоқ Бойкенжаев” фильми 2003 йили Россия киношунослар ва кинотанқидчилар гильдияси ҳамда “Ника” халқаро кинофестивалининг “МДҲ ва Болтиқ бўйи давлатлари энг яхши фильми” номинациясига муносиб топилган. “Табиб” (2004), “Эркак” (2006) фильмлари ҳам “Ника” халқаро кинофестивалининг ушбу номинациясига сазовор бўлган.

 

.