Тошкент халқаро кинофестивали: қарор чиқди, форум бўлди

  • Асосий /
  • Янгилик /
  • Тошкент халқаро кинофестивали: қарор чиқди, форум бўлди
Тошкент халқаро кинофестивали: қарор чиқди, форум бўлди

1Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарорни имзолади. 

Ҳужжат билан:

➖ Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ҳамда 2021 йилдан бошлаб, ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида “Ипак йўли дурдонаси” номи билан Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланди;

 ➖ жорий йилнинг 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари кинофестивални XIII Тошкент халқаро кинофестиваль сифатида нуфузли кинофестивалларнинг ғолиб ва номинантлари иштирокида “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида ташкил этилади;

➖ кинофестиваль шиорига мос бўлган ва жаҳон кинематографияси ривожига катта ҳисса қўшган фильмлар ижодкорларини диплом, рамзий ҳайкалча ва $20 мингдан иборат бўлган 5 та пул мукофоти билан тақдирланади;

➖ Осиё ва Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмлари фестивали ўтказилиб, ғолиблар диплом ва жами $32 минг миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Тошкент халқаро кинофестивали 1968–1997 йиллар ўтказилган ва “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинофестивали” номи билан аталган.

2Тошкент кинофестивалини ўтказишга бағишланган форум ўтказилди

Шу куннинг ўзида Кинематография агентлигида Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклангани муносабати билан форум ташкил этилди. Унда киномутахассислар, таниқли киноижодкорлар, ОАВ вакиллари ва ёшлар иштирок этишди. Форумда фестиваль дастури ва уни ўтказиш юзасидан махсус тақдимот ўтказилди. 

Президент қарорига мувофиқ, Тошкент халқаро кинофестивали эндиликда “Ипак йўли дурдонаси” номи билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан 2021йилдан бошлаб ҳар йили 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари ўтказилади. 

Таниқли киноижодкорлар, мутахассислар форум ҳақидаги таассуротларини сўзлаб беришди. Жумладан, Али Ҳамроев, Қамара Камалова, Рустам Саъдуллаев, Матёқуб Матчонов, Фарҳод Абдуллаев, Жаҳонгир Аҳмедов, Дилноза Кубаевалар сўзга чиқишди. Шунингдек, мазкур фестивалнинг ўтказилиши неча йиллар давомида интиқиб кутилаётганлиги айтиб ўтилди. Тадбир давомида таниқли эстрада юлдузлари ва оркестр жамоаси иштирокида шоу-концерт тақдим этилди.