Театр соҳасининг тақдири нима бўлади?
- 04/06/2021
- Театр
Қуйида театр соҳаси ва Театр Арбоблари уюшмаси ҳақида билдирилган икки мулоҳазани тақдим этамиз. Жамоатчилик фикри театрлар келажаги учун муҳим.
Биринчи мулоҳаза
Театрларнинг фаолиятини тиклаш керак. 2020 йилда театрлар салкам 6 ой пандемия талабларига кўра ишламади. Лекин 2021 йилда яна театрлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш зарурми?
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг бирор ҳужжатида коронавирус тарқалишининг асосий омили сифатида театрлар кўрсатилганми? Нима учун учун “ёпиқ бинода концерт томошаларини” чеклаш қоидаси кинотеатрларга нисбатан қўлланмаяпти? 2020 йилда Махсус комиссиянинг қарори сўзсиз қабул қилинган эди, чунки коронавирус эпидемиясини тарқалиши, оммалашишини тўхтатиш зарур эди. Бугунги кунда 30 миллионлик республикамизда касалланишнинг кунлик ўсиши 200-300 га тенг бўлган, 100 минг аҳолига касалланишнинг ялпи ўсиши охирги 2 ҳафта давомида минус 24%, яъни касалланиш ҳолатлари барқарор камаяётган шароитда бутун бир соҳани тўхтатиб қўйиш қанчалик тўғри?
Ҳеч кимга сир эмаски, сўнгги 15-20 йил давомида театр санъатига етарлича эътибор бўлмади. “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ёпилди. Кино соҳасига йўналтирилаётган маблағлар, ёш киночиларни чет элда ўқитиш, кинога четдан кадрларни жалб қилиш каби ишлар театрлар фаолиятига жорий этилмади.
Маданият вазирлигининг айни пайтда асосий вазифаси тадбирлар ташкил этиш, деган таассурот уйғотмоқда. Бас шундай экан, назаримизда, эътибордан четда қолиб, “ўз ёғига ўзи қовурилишга” маҳкум этилган мамлакат театрлари бошини қовуштирадиган ташкилот - “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолиятини қайта тиклаш зарур. Жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган Театр арбоблари уюшмаси фаолиятини янада жонлантириш ҳамда мавжуд вазиятни яхшилаш учун уюшманинг молиявий салоҳиятини ошириш лозим.
Маданият соҳасига оид фармон ва қарорларни қайта кўриб чиқиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бундай қарор ва фармонлар бисёр бўлсада, театрлар фаолияти борасида умумий гаплардан бошқа таклифлар назарда тутилмаган.
Театр режиссерларини Россия, Европа давлатларида ўқитиш, Ўзбекистонга спектакллар саҳналаштириш учун чет эл режиссёрларини жалб қилиш, янги спектаклни саҳналаштириш билан боғлиқ режиссер, рассом, либос устаси, актерларни таклиф этиш учун ҳаражатлар театрлар бюджетида кўзда тутилмагани соҳани ривожланишига тўғаноқ бўлмоқда. Шундай шароитда яна театр фаолиятини чеклаш, спектакллар намойишидан тушумларни тўхтатиш орқали соҳа иқтисодиётига зиён етказиш, ярага туз сепгандек бўляпти.
Шу билан бирга, охирги ҳафталарда барча вилоятларда ўтказилаётган тадбирларда театр актёрларини қатнашиши эътиборни тортади. Театрлар фаолиятини тўхтатишдан мақсад ижодкорларни асосий касбий фаолиятидан чалғитиб, келаётган сайловлар билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот тадбирбозлигига жалб қилиш эмасмикан деган савол туғилади. Агар шундай бўлса, раҳбарларимизнинг театр санъати вакилларига бу қадар беписанд муносабатда бўлиши одамни ажаблантиради. Ҳойнаҳой, бундай бўлмаса керак.
Вазиятдан чиқиш учун театрларга ўз биноларида фаолиятини йўлга қўйиш ёки, агар ушбу чеклов Махсус комиссиянинг принципиал қарори бўлса, театрлар очиқ ҳавода ишлаши учун қисқа фурсатларда барча шароитларни яратиб бериш – ҳар бир театр учун ёзги саҳна, амфитеатр манзилини белгилаш, спектакл намойиши учун зарур бўлган
- актёрлар грим хоналарини,
- декорацияларни театр биносидан етказиш ва ўрнатиш учун транспорт ажратиш,
- ёритиш ва чироқ техникасини ўрнатиш,
- видеопроекция ва бошқа ускуналарни жойлаштириш
- билет сотиш кассаларини жиҳозлаш
ишларни амалга ошириш лозим.
Театрларнинг фаолиятини қисқа муддатларда тиклаш, ижодкорларга ўз касблари доирасида ишлашлари учун барча зарур шароитларни яратиш керак.
Профессионал театрларнинг мақсад ва вазифалари маданият уйлари ёки ҳаваскорлик тўгаракларидан фарқ қилади. Азалдан томошабин суйган актёр-актрисаларини бирров кўришга орзуманд бўлган, санъаткорлар билан ижодий учрашув ва кечалар ўзгача кайфият ва соғинч билан тайёрланган. Афсуски, кейинги йилларда профессионал актёрларнинг тарғибот тадбирларига тинимсиз жалб этилиши саҳна асарларининг сифатига салбий таъсир қилаётгани ҳамда саҳна “сеҳри"нинг йўқолиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат.
Иккинчи мулоҳаза
Театрлар фаолияти иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳам ёпиб қўйилмаган. Биргина Тошкент ва самарқандда йигирмага яқин театрлар ҳар куни томиошабинлар учун эшигини очиб қўйган.Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўзи басир бўлганми, стадионларда юз минглаб ёшларни бир майдонга тўплаб тадбирлар ўйин-кулгилар ташкил этиш мумкин экан-у, икки юз томошабин учун театр эшикларини ёпиб қўйиш шунчалик пандемияни тўхтатиб қолиши мумкинми? Ўзбек театр масаласига келсак,болага метирка берилди.Аммо боланинг ўзи ҳали туғилмаган. Тўрт киши аранг сиқилиб ўтириши мумкин бўлган бир ертўлага қамаб қўйиш, бу ҳали арбоблар уюшмаси бор дегани эмас. Нима учун Ёзувчилар, рассомлар, композиторлар уюшмалари учун бу қадар кўп эътибор? Нима сабабдин Театр арбоблари уюшмасига эътиборсизлик ҳаминқадар? Орадан тўрт йил ўтиб боряптики, уюшма фалаж ҳолатда? Шижоатли, юрагида ғайрати бор,ғурури баланд,тадбиркор бир раҳар топиш шунчалик мушкулми? Бу ишга наҳотки Президент аралашмоғи даркор? Маданият вазирлигининг биронта лафзи ҳалол ёрдамчиларидан бири бу ишга бош-қош бўлмаса? Мамлакатда бирон-бир тадбир йўқи,театр актёрлари иштирок этмаса? Ёзувчиларнинг биронта тадбири йўқким, актёрлар иштирокисиз ўтса? Ёким...ёким Театр арбоблари ишини шундай ўз ҳолига ташлаб қўйишдан кимгадир манфаат борми?!
Жўра Маҳмуд,
театршунос