1Кустурица ким?
Мен ҳар доим ўзимни ўйлашдан кўра амалий иш билан кўпроқ шуғулланганман. Бунда эса нима қилишим кераклигини чуқур англаб, истакларимга эътибор қаратдим. Фильмлар суратга олмаган пайтларимда мен шунчаки дам олиш йўлини излар эдим: мен учун аввал мусиқа, кейинчалик эса архитектура дам олиш воситаси бўлди.
Мен ҳеч қачон ҳамма жойда тенг севиладиган поп юлдузи бўлишни хоҳламаганман. Мен ҳар доим ўз терминларимни ёзишни ва табу деб ҳисобланадиган нарсалар ҳақида гапиришни хоҳлар эдим. Бундан ташқари, биз одамларни ўзгартирадиган технологик инқилоб эпицентрида турибмиз ва менинг фикримча, одамлар ёмон томонга ўзгариб бормоқда. Улар ўзларидаги шахсий хусусиятларни кўрсатиш имкониятини йўқотадилар ва тизимнинг бир қисми бўлишни хоҳлайдилар, бу тизим умуман яхши ёки ёмонлигини эса билмайдилар.
2Ватикан буюрган ахлоқ учун курашмаганман
Мен фақат яқин одамларим учун исёнчиман, ҳар доим ўз қадр-қиммати ва ахлоқи учун курашаётганларнинг тарафида бўлганман. Aммо Ватикан ёки сиёсат бизга буюрадиган ахлоқ тарафида турмаганман. Aхлоқ одамларнинг ўзини ўзи йўқ қилишидан қутқарадиган метафизик атама дея ҳисоблайман. Бу – мен бутун ҳаётим давомида ишонган нарсам.
Сербияда Ғарбнинг таъсири энг ёмон кўринишларда сезилади. 90-йиллардан бошлаб миллиардерлар бутун жамиятни эгаллаб олишди. Ва бу фонда мен давлат мулкини ўғирлайдиган одамлардан табиатни қутқарадиган одамга айландим.
3Голливуд – бу кино қабристони
Голливуд ҳаттоки эркинлик асосий ғоя сифатида илгари сурилса ҳам ҳар доим ҳаддан ташқари ғоявий бўлиб келган. Мен буни янги дин деб атайман, у одамларни муайян жамиятнинг бир қисми бўлиш ва уларни ҳаяжонлантириш учун яратилган. Тўғри, жуда машҳур фильмлар Голливудда ишлаб чиқарилган, аммо мен учун Голливуд – бу кино қабристони.
Бугун энг яхши фильмлар Эрон ва Россияда, баъзан Сербия каби кичик мамлакатларда суратга олинмоқда, бу ерда одамларнинг ҳали ҳам айтадиган гаплари бор. Йирик давлатлар инсон ҳаётини эмас, балки видео ўйинларни намойиш этишади. Фестивал ташкилотчилари фильмларни футбол мураббийи каби танлашади. Энди фестиваллар Антониони давридаги каби эмас ёки ҳеч бўлмаганда 80-йиллар даражасида ҳам эмас.
4Янги энергия пайдо бўлишига ишонаман
Кинода инқилоб қила оладиган одам пайдо бўлмагунча, биз – катта авлод норозилигимизни билдиришимиз керак. Мен пессимист эмасман, шунчаки ҳақиқатни айтмоқчиман: талабалик даврида биз Бергман, Феллинининг янги фильмларини интиқлик билан кутардик ва уларнинг ишларини томоша қилардик.
Бугунги кунда фестиваллар муаллифлардан кўра муҳимроқдир. Ва шунинг учун фестивалларни танқид қиламан. Буни яхши тушунасиз: биз дунё ва дунё маданиятини ўзгартира олмаймиз. Аммо мен бунга қодир бўлган одамлар борлигига ишонаман. Пессимизм ва янги ҳақиқатни мувозанатлаштирадиган янги энергия пайдо бўлишига умид қиламан.
5Ёмон яшамадим
Мен фильм дастлаб намойиш этилган вақтдаги илк реакцияларга ишонмайман. Яхши иш қилганингиз ёки қилмаганлигингизни вақт кўрсатади. Шуни биламанки, мен ҳали ҳам фильм суратга олишим мумкин. Бирор чўққига чиқа олдимми? Билмайман. Aммо ҳозирги ҳолатимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мен ҳеч қачон бахтли бўлмаганман. Мен доимо ниманидир яхшилаш, ниманидир ўзгартириш йўлини излайман.
Муваффақиятли ҳаёт кечирдим ва лойиҳаларим ёмон эмас. Ҳасадгўйлик ва шунга ўхшаш ҳис-туйғулар одамларни “мен бир талай хатолар қилдим”, деб ишонишига олиб келади. Мен ҳақиқатан ҳам уларнинг кўпини қилдим: ҳаётда ҳам, филмларда ҳам. Шахсиятнинг "ёмон" томони яхши томондан кўпроқ омон қолишимизга ёрдам беради деб ишонаман.