Абсурд театрининг келажаги борми?

  • Asosiy /
  • Media /
  • Абсурд театрининг келажаги борми?
Абсурд театрининг келажаги борми?

1Эжен Ионеско

Эжен Ионеско 1912 йилнинг 26 ноябрида Руминияда туғилган. Онаси Тереза Икар асли Франциялик. Эжен дунёга келганда Ионесколар оиласи Францияга кўчиб кетишади. Болакай Эженнинг тили французчада чиқти. Э.Ионеско болалигини хотирлаб бундай ёзади:” Парижнинг  Вожирар майдонида жойлашган кўчадаги уйда яшардик. Куз ва қиш пайтлари кўчани чироқ хира ёритганидан аллақандай маъюс тун чўкарди. Онам мени қўлида кўтариб кетяпти, эслайман. Биз озиқ-овқат маҳсулоти сотиб олиш учун дўконга чиққандик. Мен қўрқув ҳиссини туйгандим, ўшанда. Кўчада ҳар ёққа ҳаракатланаётган одам кўлкалари эсимда бор. Ҳозир ўйласам кўлка эгалари оламдан ўтиб кетишган, фақат менда ўша ҳолатдан тасвир қолган. Гоҳида ҳеч нарса абадий эмаслиги қўрқув уйғотади.”

Ионеско Люксембург боғидаги қўғирчоқ томошаларини эслайди. Томоша завқи бир умр ёдида қолганини хотира китобида ёзади. Эжен ўн уч ёшга тўлганда Ионесколар оиласи Руминия қайтиб келишади. У Бухарест университетининг француз бўлимига ўқишга киради. Морис Метерлинк ва Франсис Жамма асарлари таъсирида шеър, элегиялар ёзади. Бухарестдаги адабий журналларда адабий-танқидий мақолалари чоп этилади. Университетни тугаллаб Бухарест шаҳридаги лицейда француз тилидан дарс беради. Шу йили уйланади. 1938 йили Давлат грантига эга бўлиб “Бодлердан кейин француз шеъриятида гуноҳ ва ўлим” мавзусида диссертация ёзиш учун Францияга оиласи билан кўчиб кетади. Шу-шу Эжен Ионеско Франциядан ватанига қайтолмайди, орада иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолади. Уруш тугагандан сўнг театр учун асар ёза бошлайди.

2Абсурд театрининг келажаги борми? 

1950 йиллар бошида Парижда яратилган ва саҳналаштирилган асарларга “Абсурд театри” номи берилди. Англиялик машҳур театр арбоби Мартин Эсслин шу атамани театршуносликка олиб кирди. Уни нега абсурд театри деб номлади? 1945 йилдан 1950 йилгача Жан Пол Сартр, Албер Камю, Жорж Батай сингари қаламкашлар абсурд ғояси ҳақида тортишув, мунозара бошлайдилар, асар ёзадилар. Урушдан кейин жамият онгидаги кескин ўзгаришлар тўлқини таъсирида абсурд ғояси театр ҳаётига ҳам кириб боради. М. Эсслин “абсурд театри” атамасини кенг қўллайди. У номни тўғри топган эди. Мен бу атамани ҳеч тушунмайман. Тўғри, театр асарлари, постановкалари ўша ном билан отланди. Театр санъати тарихида “абсурд театри” деган оқим пайдо бўлди, тан олиш керак. Шундай экан, абсурд театрини абсурддан бошқа нарса эмас демоққа, менда асос йўқ. Эммануэл Жакар каби мен ҳам бу театрни “қўрчоқтеатр” деб атаган бўлардим. Ҳақиқатан, бу театрда, шунингдек, менинг театримдаги персонажлар ҳам комик ёки трагик эмас, аксинча, масхарабозларга ўхшайди. Уларда соҳир дунё билан туташган илдиз йўқ, ўзаро боғлиқлик йўқ. Улар ҳозиргача англаб етган даражамиздаги психологиядан қутулган-у, аммо қўғирчоққа, қизиқчига ўхшайди. Лекин улар даврни, замонни ифодалаяпти. Улар даврнинг персонаж- тимсоллари.

Бизгача яратилган театр асарларининг ярми абсурд ғоясидан тўйинган кўринади. Чунки комик асарлар бемаъни. Бу театрнинг йўлбошчиси Шекспир бўлса керак. Мана, унинг қаҳрамони нима дейди:

“Дунё тентак томонидан тўқилган афсона. Бемаъни ва кераксиз, шовқинга тўлиқ ва қутурган.”

Балки, абсурд театри ундан ҳам узоқ даврларга бориб тақалар; Эдип воқеаси бемаъниликнинг ўзгинаси, аммо бир нарсани назардан қочирмайлик, Эдип қонунларни онгсиз равишда бузгани учун жазоланади. Қонун ва меъёрлар бузилса ҳам, у даврда мавжуд эди-ку. Бизнинг театрда-чи? Ўзимнинг “Стуллар” пьесамдаги қариялар қонун ва меъёрларга амал қилишмаганидан, улар қоронғи дунёларида адашиб қолишган, соҳир дунё ҳақида тушунчалари йўқ. Шунингдек, “Кал қўшиқчи” пьесамда ҳам ўйноқи оҳанг бериб, шу мазмунни кўрсатишга ҳаракат қилганман.

Персонажлар шууридан узилиб қолган ва таянч нуқтасини қидираётганларга ўхшашади. Беккет айнан шу муаммони тиниқ шаклда, эҳтироссиз ифода қилган эди.

Абсурд театри юзага келди. Совуқ, на комик, на жиддий. Бошқа, умуман тушунарсиз услуб. Мен аниқ хулосага келдим: “Кал қўшиқчи”, “Дарс”, “Стуллар”, “Бурч қурбонлари” пъесалари оқибатида абсурднинг бемаъни “янги услуби” пайдо бўлди.

Менинг илк пьесаларим инглизларга ҳам, франсузларга ҳам, немисларга ҳам, америкаликларга ҳам мақбул бўлди. Шунингдек, бу театр услуби орқасидан эргашган театршунослар пьесалардаги мазмунни қўллаб- қувватлашди. Шундай экан, мен қўрқмасдан айтишим мумкин, янги абсурд театри 1950 йиллардан бошланди. Аниқроғи, “Стуллар” (1952) ва “Бурч қурбонлари” (1953) пьесалари янги театр юзага чиқиши учун туртки бўлди. Беккет 1953 йили машҳур “Годони кутиш” пъесаси билан абсурд театрига кириб келди. Мен кейин ёзган пьесаларимни айнан шу театр услубига мос келади деб айтолмайман. “Қирол ўлмоқда” пьесаси, масалан, адабий рангларга жудаям бўялган, фақат сўнгги саҳнаси бундан мустасно, сабаби - «Ўликлар китоби»дан руҳлангандим.

Назаримда, “Абсурд” муболағасини замон ҳазм қилиши қийин, у даражамиздан баландда. Бу сўзни ўринсиз қўллаб бўлмайди, агар масала ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмай ва маъно топмай, буни абсурд деб қўя қолсак, бемаъниликнинг ўзгинаси. Қайта айтаман, “Стуллар” пьесаси персонажлари ҳаётдан маъно излагандилар, тополмадилар. Коинотдан тартиб излагандилар, тополмадилар. Яшашнинг олий шаклини излагандилар, тополмадилар.

Шунга қарамасдан, абсурд театри – кураш театри ҳам. У реализм театрини кулги остига олди. Реализм театри ҳаққоният театри эмас, буни таъкидлаганман, қайта таъкидлаб айтаман. Мен соцреализм, реализм ва брехт театрларига қарши доим курашиб келганман. Романтизм ёки сюрреализм каби реализм ҳам реаллик эмас, у театрдаги бор-йўғи гўёки реализмни ифодалайдиган намуна мактаби. Буржуй театри доим ҳавойи нарсалар билан бошни оғритиб келган: иқтисод, мафкура, сиёсат, Паскал назарда тутган ўйинқароқлик ва ҳоказо. Ишқий муносабатлар театри 19 аср ва 20 аср бошида жонли эди, Расин театри саҳнасида эса адюлътерликдан жон беришарди, Расин жонини оларди. Реализм театрининг яна бир камчилиги у ақл ўргатади, ёлғон тўқийди, алдаб қўяди. Реализм театри муаллифлари ҳаққониятни билмасдан туриб ўзларининг тушунчаларини ўқувчига, томошабинга сингдирмоқчи бўлишади. Ўзи ҳали фан одамлари борлиқ ҳақида ҳаққоний тасаввурга ҳам эга эмаслар-у реализм театри эса дунё ҳақидаги тор тушунчаси билан томошабинни ўрамоқчи бўлади. Айниқса, муаллиф муаммоларни ўзида ечмай туриб худбинларча изоҳлаган гўёки фикрини реализм театрига тиқиштиради. Саҳнада лўттибозлик унсурлари яққол намоён бўлади. Муаллиф самимияти ёки виждони тушунтириб бўлмайдиган тиниқ онг оқими билан бирлашиб ҳаққоний фикр, маъно туғдириши керак деб ўйлайман. Одамнинг ўзи ҳақидаги ифодаси кўпроқ ишонарли. Жамиятдаги муносабатларга тартиб бериш, маъно бериш мушкил. Мен ўзимни тасвирлаганимда, демак ҳаммани тасвирлаган чиқаман. Ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон алдамайди, ҳеч қачон мухлисини ўраб олишни ният қилмайди. Балки яратади, фикр туғдиради. Тасаввурнинг чегарасини кенгайтиради. 

 Юқорида айтганимдек, хаёллар образу тимсоллар билан жуда олисдан, онгнинг тасаввур ҳам етмаган қатламидан келади. Ўша учун ҳам уларда маъно бўлади. Аҳамиятга эга. Пиранделлода ҳам мафкура ва психологик назариялар бор эди, аммо чуқур назар билан уларни таҳлил этганда ҳеч қандай қийматга эга эмаслиги билиниб қолади. Лекин унинг персонажларини бугун ҳам саҳнада кўриш мумкин, улар ўлмаган, тирик. Сабаби бу персонажлар ҳаётга чуқур эҳтирос билан ёндошади, эҳтиросларига драматик тус беришади.

Энди ўзимдан ва яна менга ўхшаганлардан айтсам; мени кечиринг, биз бор- йўғи ишқий муносабатлар, хиёнат ҳақидаги ва ижтимоий кундалик икир-чикирларни тасвирлашдан қочдик. Биз одамнинг руҳий ҳолатини: ҳаётидаги орзу-ҳавас, мақсад ва бунинг натижаси абсурд эканини саҳнага олиб чиқтик. “Тентак томонидан тўқилган афсона”ни саҳнада намойиш қилдик. Ва шундай ифода орқали одамзотга хизмат қилмоқчи бўлдик. Хусусан, ибодат қилмасдан, фикрламасдан ҳаётда яшаб бўлмаганидек. Театр фойдасиз бир машғулот деб ўйловдим, лекин яшашга ёрдам беради. Футбол, теннис ва бошқа спорт ўйинлари томошаси каби фойдасиз-у, аммо четлаб ўтиш, ён бериш мумкин эмас. Худди шундай, санъат бефойда, аммо унинг бефойдалиги зарурият. Ҳаётда яшаётганлигига ҳайрон бўлмай, фикрламай қўйган одамларни маънан мажруҳ деб ҳисоблайман. Ҳозирги дунёда санъат диннинг ўрнини тўлдирадими? Санъатнинг кераклиги ҳақида гап сўқаётгандик, хўш, қадимги обидаларнинг фойдаси борми? Уларда бир вақтлар ибодат қилинарди, энди эса фақат сайёҳларнинг севимли жойига айланган. У динлар ҳозир ўлик ҳисобланади, унутилган. Сезгир сайёҳлар обидаларнинг тузилишига ҳайратда боқишади. Ўша пайтдаги маънавий ғояларнинг конструксияси обидалар конструксиясида аксини топган.

Сўзим сўнггида, яна таъкидлайман, мен “абсурд” сўзи ҳақиқатини ҳали англаб етганимча йўқ. Унинг ҳақиқатига етсамгина у ўзини фош қилади ва бу сўз шунда ўз кучини йўқотади. Кимда-ким дунё ҳақида ва ҳаётидаги абсурд ҳақида ўйламас экан, у маънавий ўликдир. Улар учун куйиниш керакми, ачиниш керакми ёки аксинча, эътибор бермаслик керакми, бу менга қоронғи. Лекин дунёдаги ҳаёт абсурдми деган савол ҳатто жавоби топилмаса ҳам барибир бир кунмас- бир кун кўпчиликни қийнай бошлайди. Албатта, китобларда ёзилган тайёр жавобларга қониқиш ҳосил қилганлар бу тоифага кирмайди. Ўткинчи нарсаларга вақтини кетказиб яшаётганларга ачинаман. Лекин англаб бўлмас, чегарасига етиб бўлмайдиган коинот муаммоси ҳақида ўйлагандан кўра, экологлар бонг уриб ўртага ташлаётган муаммоларни бел боғлаб ечсак, яхшимасми. Балки яқинда озон қатлами бутунлай илма-тешик бўп кетар, тавба қилдим. Бунга қирғин қуролларини яратаётган инженеру химигу сиёсатчилар айбдор эмасми?! Яхшиси, коинотдаги ўрнимиз ҳақида бош қотиришса савоб бўлмасмиди? Коинот муаммоси биргина санъатнинг муаммоси эмас, кундалик ҳаётда шу нарса ҳақида ўйласак бўлмайдими? Тасаввур қиляпсизми?

 Абсурд театрининг келажаги борми? Реалистик театрларники-чи? Мен бу саволга жавоб тополмайман. Агар шахсий фолбиним бўлгандами, балки у бу саволга жавоб топган бўларди. Кимки абсурд театрининг заволи ҳақида ўйлаётган бўлса, у театрнинг душмани, аллақандай сиёсий реализм театрининг тарафдори. Лекин абсурд театри ҳамма вақт кучга эга бўлади. Абсурднинг бошқа шакллари дунёга келади. Улар жуда кўп. Эрта ёки индин ҳаётнинг сирини англаб етишмаса керак, харҳолда.

Эҳтимол, фикрларимни озгина кўпиртириб юборгандирман. Театршунос Кеннет Тайнен билан ўртамизда кечган мунозараларни эслатиб ўтмоқчийдим. Ўша мунозаралар тарихга айланди, хабарингиз бор. Энди театр қандай бўлиши керак деган гаплар эскирди, биласиз. Соф спектакл, режиссёрлик саҳнага чиқти. Бошқа тарафдан абсурд театри воқеаликка айланиб, ҳақиқат бўлиб кўрина бошлади. Реал ҳаёт ва реализм абсурдга ўхшаб қолди. Абсурд эса ҳақиқатга айланди, эътибор беринг.

Буюк Беккет 1953 йили “Годони кутиш”и билан абсурд театрини жонлатган бўлса, ҳам ҳақиқий реалликни ойдинлаштирди. Абсурд аслида кундалик ҳаётимизда ўзининг драматизми, комизми билан ўралашиб юрганини билиб қолдик. Реализм чегарасидан чиқиб абсурдга қадам қўйдик, уни забт этдик.

 

(Мурод Човуш таржима қилди)