Кинода экспрессионизм қандай пайдо бўлган?
- 31/05/2021
- Мақола
Экспрессионизм (лотинча: expressio - ифода, тасвирлаш) – ХХ асрнинг биринчи чораги Европа адабиёти ва санъатида модернизм даврида вужудга келган ижодий йўналиш.
Экспрессионизм – ижодий жараён тарихида ўзига хос ўрин тутадиган оқим бўлиб, адабиёт, тасвирий санъат, театр, архитектура, мусиқа, рақс ва албатта кинематографда кенг тарқалган. Экспрессионизм асосан Германия ва Австрияда ривожланган ҳамда борлиқни борлигича тасвир этмай, балки муаллифнинг, ижодкорнинг эмоционал ҳолатини, ҳис-туйғуларини санъат асарлари орқали ифода этиб, ихлосмандларга етказиб беришга ҳаракат қилган.
Экспрессионизм кинематографда бошқа санъат турлари ва адабиётга нисбатан бироз кечроқ ривожланган. Таниқли немис шоири ва сценаристи, адабиётда экспрессионизм оқимининг асосчиларидан бири Казимир Эдшмидт (1890-1966) бу оқимнинг эстетик тушунчасини учга бўлади:
- экспрессионист ўзининг ички дунёсини яратиб, ташқи дунёга, объектив борлиққа қарши қўяди;
- экспрессионист жамиятдаги жараёнлардан мустақил ҳолда, бутунлай эркин ижод қилади;
- экспрессионист барча психологик-руҳий ҳолатларни таҳлил қилишдан воз кечади ва бутунлай эркин ҳис-туйғуларга асосланади.
«НЕМИС КИНОЭКСПРЕССИОНИЗМИ»
Санъатнинг ривожланишига, умуман ижодий муҳитнинг пайдо бўлишига, жамиятдаги сиёсий-иқтисодий вазият катта таъсир кўрсатади. Немис киноэкспрессионизмининг пайдо бўлиши ҳам 1914 йилда Биринчи жаҳон урушининг бошланишига тўғри келади. Ўша давр жамиятдаги парокандалик, маънавий-маданий кризис, инсонлардаги пессимизм, тушкунлик кайфияти ижодкорларни мазкур ҳолатни адабиёт ва санъатга олиб киришга ундайди. Бежизга ХХ асрнинг 10-йиллари Европа санъатининг деярли барча йўналишларида асосан уруш мавзусида ёки инсонларнинг пессимистик ҳолатига бағишланган асарлар пайдо бўлмайди.
Германия ўша даврда ҳар томонлама Европанинг энг ривожланган давлати эди. Санъат соҳасида ҳам немислар бошқаларга ўрнак бўладиган асарлар ярата бошлаганди. Биринчи жаҳон уруши арафасида Германиянинг техник имкониятлари жуда ривожланган бўлиб, бу ҳолат кинематографга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Демак, ҳам сиёсий-иқтисодий, ҳам маънавий-маданий ҳолат, ҳам ижодкорларнинг орасидаги пессимистик муҳит – немис киноэкспрессионизмининг пайдо бўлишига асос бўлади.
Экспрессионизм йўналишида суратга олинган биринчи фильм – “Прагалик талаба” (1913 й. 85 дақ. реж. Стеллан Рюэ, Пауль Вегенер) немис киносида илк маротаба қўрқув аралаш ҳаётни идрок этиш тушунчасини кенг оммага олиб чиқади. Бу фильм инсоннинг ички дунёсига, руҳиятига бўлган қизиқишни уйғотади. “Прагалик талаба” кинода экспрессионизм оқимининг келиб чиқишига тамал тоши қўяди ва мистика, метафора, аллегория ҳамда бошқа эстетик тушунчаларни кинематографга кириб келишига асос бўлади. Бу фильм немис киносида илк даҳшат (ужас) жанридаги фильм бўлиб, воқеаларни фантастика йўналишга олиб чиқиб, реал борлиқни инкор этади.
Экспрессионизм йўналишида суратга олинган эътиборга лойиқ иккинчи фильм «Голем» (1915 й. 60 дақ. реж. Хенрик Галеен, Пауль Вегенер). Бу фильм ҳам жанр нуқтайи назаридан фантастик йўналишда бўлиб, воқеа XVI асрда қувғиндаги яҳудийларни ўлимдан сақлаб қолувчи мифик образ дев одам – Голем афсонасини ҳикоя қилади. Мазкур асар кинематографда биринчилардан бўлиб экранга монстр – дев одамни олиб чиққан. Картинанинг эътиборли томонларидан бири – фильм продюсери, режиссёри, сценарий муаллифлари ва бош роль ижрочилари катта қобилият эгалари, немис киносининг дунё миқёсига чиқишида улкан ҳисса қўшган ижодий тандем – Хенрик Галеен ва Пауль Вегенерлардир.
Биринчи жаҳон уруши тугаши билан Германия иқтисодий кризисдан чиқиш йўлларини қидиради ва қайтадан тикланиши учун барча соҳаларда техникани ривожлантира бошлайди. Кинематографнинг жамиятда, сиёсий жараёнда, пропаганда ва агитацияда – тарғиботда тутган муҳим ўрнини тушуниб етган ўша пайтдаги Германия ҳукумати, 1918 йили Берлин шаҳрида УФА – «Универсум Фильм Акциенгезельшафт» (UFA, Universum Film AG, Deutsche Film-Aktiengesellschaft) – Европада энг йирик киноконцернлардан бирини ташкил этади (кейинчалик машҳур DEFA киностудиясига айлантирилиб, ҳозирда дунёдаги энг йирик киноконцернлар қаторидан ўрин олган). Айнан шу студияда немис экспрессионизми йўналишидаги энг сара фильмлар суратга олина бошлайди.
УФА студиясининг энг катта лойиҳаси, кейинчалик Немис киноэкспрессионизмининг юзига, ”ташриф қоғозига”га айланган «Доктор Калигарининг кабинети» («Das Cabinet Dr.Caligari», 1920 й. 71 дақ. Реж. Роберт Вине) фильми ҳар томонлама катта ютуққа эришади. Нафақат кино эстетикаси йўналишида, балки коммерция томонидан ҳам муваффақиятларга эришади. Мистик сюжетдан иборат бўлган бу фильмда руҳий касалликлар шифохонаси директори доктор Калигари ўз мижози Чезаре исмли йигитни гипноз қилиб, шаҳар бўйлаб бир қанча қотилликлар қилишга ундайди. Фильм фабуласига кўра, доктор Калигари режиссёр, шифохона беморлари эса унинг актёрлари ва у хоҳлаган сценарийсини улар билан реал ҳаётда амалга ошира олади. Чезари образи орқали фильм ижодкорлари, оддий фуқаро бефарқлиги, эътиборсизлиги орқали, диктатор қўлида даҳшатли қуролга айланиб қолишини кўрсатишга ҳаракат қилишган. Фильм ғояси эса метафора ва аллегория орқали Европада диктаторлик шарпаси пайдо бўлаётганига ишора эди.
«Доктор Калигарининг кабинети» фильмининг декорацияси ҳам эътирофга лойиқ. Готик даври архитектурасига хос қиррасимон шаклда яратилган декорация фильмга ўзгача мазмун беради. Бундай стиль ва шаклда ижод қилиш рассомларга турли аллегория, метафоралардан кенг фойдаланиш имконини берган. Готик йўналишидаги декорациялар чироқлар билан турли соялар, эффектлар пайдо қилишда ҳам кенг имкониятлар яратиб берган.
«Доктор Калигарининг кабинети» фильми Немис киноэкспрессионизмини ривожланишида кульминацияга, ўзининг юқори нуқтасига айланиб, шаклланишига якун ясайди. Бу оқимга мансуб суратга олинган кейинги фильмлар, асосан топилган кино эстетик ютуқларни такрорлаш билан шуғулланганлар. Таниқли киношунос Ежи Теплиц ибораси билан айтганда: “Калигари”да янграган аккорд кейинги фильмларда ҳам кўп марталаб такрорланди, лекин илк марта оригинал янграгани каби бу овоз янги, ўзига хос куч бера олмади”.
Немис киноэкспрессионизми оқимида суратга олинган яна бир эътирофга лойиқ фильм «Носферату, даҳшат симфонияси» («Nosferatu, eine simphonie des grauens», 1922 й. 94 дақ. Реж. Фридрих Вильгельм Мурнау). Бу фильмнинг ўзига хос ютуғи шундан иборатки, ёзувчи Брэм Стокернинг машҳур “Дракула” романи асосида суратга олинган бўлиб, экранда илк маротаба қонхўр вампир образини яратган. Мазкур фильмда режиссёр биричилардан бўлиб камерани рельс ва штативсиз, елкадан суратга олиш усулини кенг қўллаган.
Немис киноэкспрессионизм оқимнинг ривожланиши катта ҳисса қўшган кино режиссёрлар: Фридрих Мурнау, Фринц Ланг, Роберт Вине, Карл Хайнц Мартин, Пауль Вегенер, Пауль Лени жаҳон кино тарихида муносиб ўрин олганлар. Бу режиссёрларнинг деярли барчаси нацистларнинг ҳукумат тепасига келганида АҚШга жўнаб кетиб, Голливудда ижод қилишган.
1930 - йилларга келиб немис киноэкспрессионизми анъанавий реализм йўналишидаги бошқа оқимлар таъсирида ўзининг долзарблигини йўқота бошлайди. Экспрессионизм ўз даврининг сиёсий мафкурасидаги қарама-қарши қарашлар, ғояларнинг неъмати, меваси сифатида ижтимоий-маданий борлиқни, муҳитни яратишга хизмат қилди. 1930 йилларнинг бошига келиб мамлакатда янги сиёсий давр – миллатчи-фашизмнинг иқтидорга келиши барча ижодий жараёнларга таъсир қилганидай, экспрессионизмнинг ҳам интиҳосига олиб келди. Фашизмнинг пайдо бўлиши деярли барча прогрессив, ўзига хос режиссёр, актёрлар ва бошқа санъаткорларни асосан АҚШга жўнаб кетишга мажбурлади.
Немис киноэкспрессионизми қисқа давр фаолият кўрсатган бўлишига қарамай жаҳон кинематографни ривожланишига, унинг назарияси ва тарихига улкан ҳисса қўшди. Экспрессионизм оқими ўзининг жозибаси, ўзига хослиги билан кўплаб режиссёрлар, ижодий гуруҳларнинг дунёга келишига асос бўлди.
Россияда ёш қобилиятли кинорежиссёлар Г. Козенцев ва Л. Трауберглар томонидан 1921 йили “Фабрика эксцентрического актёра” (ФЭКС) – Эксцентрик актёрлар фабрикаси – гуруҳи ташкил этилади. Кейинроқ бу гуруҳ асосида Ленинград шаҳрида “Севзапкино” (кейинчалик “Ленфильм“) қурилади. Ўзбек киносининг ташкил этилишида “Севзапкино”нинг муҳим ўрин тутганини ҳисобга олсак, демак ХХ асрнинг 20 - йиллари илк ўзбек фильмларида ҳам немис киноэкспрессионизмининг таъсири борлигини тахмин қилсак бўлади.
Немис киноэкспрессионизмининг энг биринчи вазифаси анъанавий, “эски санъат”ни инкор этишдан иборат бўлгани учун, Францияда ташкил бўлган “поэтик реализм” ҳаракатига, АҚШда пайдо бўлган “Қора кино” оқимининг дунёга келишига ҳам таъсир кўрсатган. Кейинчалик жаҳон киноси тарихида муносиб ўрин олган режиссёрлар – Яков Протазанов, Ингмар Бергман, Орсон Уэллс, Федерико Феллини, Андрей Тарковский ижодида ҳам "экспрессионизм эстетикаси" кенг ўрин олган.
Экспрессионизм “жанрли кино”га, жумладан хоррор, фантастика, ўткир сюжетли детектив жанрларнинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган. Немис киноэкспрессионизмининг эришган ижодий ютуқлари бутунжаҳон кинематографиясининг эстетик мулкига айланди ва ҳозирда ҳам ижодда илк қадамларини қўя бошлаган кўплаб ёш режиссёрларга ўрнак, намуна бўлиб келмоқда.
«НЕМИС КИНОЭКСПРЕССИОНИЗМИ» ФИЛЬМЛАРИ РЎЙХАТИ
- «ПРАГАЛИК ТАЛАБА» («Der Student von Prag», 1913 й. 85 дақ. реж. Стеллан Рюэ, Пауль Вегенер)
- «ГОЛЕМ» («Der Golem», 1915 й. 91 дақ. Реж. Карл Бёзе и Пауль Вегенер)
- «ДОКТОР КАЛИГАРИНИНГ КАБИНЕТИ» («Das Cabinet Dr.Caligari», 1920 й. 71 дақ. Реж. Роберт Вине)
- «ОРЛАКНИНГ ҚЎЛЛАРИ» («Orlacs hande», 1920 й. 91 дақ. Реж. Роберт Вине)
- «ТОНГДАН ТУНГАЧА» («Von morgens bis mitternachts», 1920 й. 65 дақ. Реж. Карл Хайнц Мартин)
- «ГЕНУИН» («Genuin», 1920 й. 44 дақ. Реж. Роберт Вине)
- «ЧАРЧАГАН ЎЛИМ» («Der müde Tod», 1921 й. 97 дақ. Реж. Фринц Ланг )
- «НОСФЕРАТУ, ДАҲШАТ СИМФОНИЯСИ» («Nosferatu, eine simphonie des grauens», 1922 й. 94 дақ. Реж. Фридрих Вильгельм Мурнау)
- «ДОКТОР МАБУЗЕ, ЎЙИНЧИ» («Dr. Mabuse, der spieler», 1922 й. 71 дақ. Реж. Фринц Ланг)
- «НИБЕЛУНГЛАР: ЗИГФРИД» («Die Nibelungen: Siegfried», 1922 й. 142 дақ. Реж. Фринц Ланг)
- «ШАРПА» («Phanto», 1922 й. 125 дақ. Реж. Фридрих Вильгельм Мурнау)
- «РАCКОЛЬНИКОВ» («Raskolnikow», 1923 й. 135 дақ. Реж. Роберт Вине)
- «НИБЕЛУНГЛАР: КРИМХИЛЬДАНИНГ ҚАСОСИ» («Die Nibelungen: Kriemhilds rache», 1924 й. 129 дақ. Реж. Фринц Ланг)
- «МУМ ШАКЛЛАР» («Das Wachfigurenkabinett», 1924 й. 64 дақ. Реж. Лео Бирински, Пауль Лени)
- «СЎНГГИ ОДАМ» («Der letzte Mann», 1924 й. 90 дақ. Реж. Фридрих Вильгельм Мурнау)
- «ФАУСТ» («Faust», 1926 й. 107 дақ. Реж. Фридрих Вильгельм Мурнау)
- «МЕТРОПОЛИС» («Metropolis», 1927 й. 145 дақ. Реж. Фринц Ланг)
- «АСАБЛАР» («Nerven», 1929 й. 110 дақ. Реж. Роберт Рейнерт)
ОЙБЕК ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ
киношунос, санъатшунослик фанлари номзоди