"Ҳеч" асарида архетипик символларнинг янги босқичига гувоҳ бўламиз
- 25/05/2021
- Адабиёт
Замонавий ўзбек адабиётида янги йўналиш билан чиққан «Ҳеч» асарида архетипик символларнинг янги босқичига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Мурод Човушнинг «Ҳеч» асари ўз номи билан «ҳеч» ҳақида. Унда айтарли сюжет чизиғи ҳам мавжуд эмас. Асар асосан инсоннинг дунё билан қиладиган муносабатида юзага чиқадигам экзистенциал муаммолар ҳақида дейиш мумкин.
Экзистенциализм – фалсафий оқим бўлиб, ушбу оқим борлиқ ва инсон муносабатларини, инсоннинг борлиқда тутган ўрни ва аҳамияти, ҳаётга нисбат бериш мумкин бўлган маъно-мазмунни ўрганиш билан шуғулланади. Экзистенциал жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, архетипнинг шаклланиши инсонинг ҳаёти давомида тўплайдиган тажрибаси, қабул қиладиган маълумотлари билан боғлиқ эканлиги маълум бўлади. Архетип вақт ва замон таъсирида турли ўзгаришларга учраши, маданиятнинг муайян ҳолатига моувофиқ тарзда ҳар хил мослашув жараёнларини бошдан кечириши мумкин.
Экзистенциал асарларда асосан «Худо» архетипи катта роль ўйнайди, чунки борлиқни ўрганувчи ҳар қандай йўналишнинг энг асосий шуғулланадиган мавзуларидан бири бу - Яратган ва инсон ўртасидаги алоқалар ва муносабатларни ўрганиш ҳисобланади.
Асар қаҳрамони ҳар қандай экзистенциал адабиёт наъмунасидаги қаҳрамонлар каби оламдаги ўз мавжудлигидан маъно қидираётган шахс бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ушбу қаҳрамонни «изловчи» архетип-образи билан боғлаш мумкин. «Изловчи» архетипи тўртта «қалб архетиплари» («Изловчи», «Ошиқ», «Бузғунчи» ва «Яратувчи») қаторига киради. «Қалб архетиплари», деб номланадиган ушбу архетиплар бошқа архетиплардан фарқли равишда ҳаёт асосларини шакллантиришга эмас, балки мавжуд ҳаёт шаклига мазмун қўшишга хизмат қилади.
«Изловчи» архетипи қандайдир яхшироқ ва мазмунлироқ нарсани қидиришни ифодалайди ва одатда ўзликни топиш, ҳақиқий шахсиятингни англаб етиш, дунёдан ўз ўрнингни топиш каби ҳаётнинг мазмун-моҳиятини белгилаб берувчи нарсаларга эгалик қилиш ҳисси ушбу «қидирув» жараёнига туртки бериб туради.
«Ҳеч» асаридаги бош қаҳрамоннинг руҳий ҳолати тушкунлик домига тушиб қолишида қандайдир сабаб мавжуд бўлади. Бу сабаб ажрашиш, ўз яқинингни йўқотиш ёки кераксиз ва аҳамиятсиз шахсга айланиб қолиш кабилар бўлиши мумкин. Ушбу архетип типига хос қаҳрамонлар одатда ҳаётни ўзгартириб юборувчи воқеликни бошидан кечирган бўлади ва айни шу воқелик уларнинг «изловчи» мақомига тушишига сабаб бўлади.
«Изловчи» архетип-образларига хос сифатлар: ўз-ўзини бошқариш, мақсад, тафаккур қилиш қобилияти.
«Изловчи архетип-образларига хос» мақсадлар: яхшироқ ҳаёт йўлини топишга интилиш, ҳақиқатни англаб етиш
«Изловчи архетип-образларига хос» қўрқув шакли: жисмоний ёки руҳий жиҳатдан қамалда қолиш
«Изловчи архетип-образларига хос» вазифалар: Ўз-ўзини алдамаслик, ўзига нисбатан самимий бўла олиш.
Барча архетипларда бўлгани каби ушбу архетипда ҳам ривожланиш даражалари мавжуд. Энг кичик миқёсда изловчи моддий нарасларни излаш билан шуғулланса, энг катта миқёсда борлиқ тўғрисидаги ҳақиқатларни излайди. Жуда ҳам кўп ҳолларда изловчи ўзи излаётган билимнинг ташқаридан эмас, балки ичкаридан, ўз ички оламидан келишини англаб етади. Кўриниб турганидек, «Ҳеч» асари қаҳрамони «изловчи» архетипининг энг юқори даражасидаги шаклини ифодалайди. Чунки, асар қаҳрамон нафақат ўз ҳаёти мазмуни, балки барча одамлар, бутун борлиқ мавжудлиги моҳияти сўроқ остига олади.
Юқорида кўриб турганимиздек, замонавий ўзбек адабиётининг бир неча намоёндалари ўз ишларида бутун жаҳон адабиёти учун таниш бўлган архетиплардан ўз ўрнида фойдаланишган.
Тилланисо НУРЁҒДИ,
адабиётшунос докторант