Америкалик олим: Чўлпон ҳар доим уйғониш вақтини чўздиради
- 21/04/2021
- Адабиёт
2018 йил америкалик адабиётшунос Кристофер Форт ёзувчи Мурод Човуш билан суҳбатда Абдулҳамид Чўлпоннинг эстетикаси ҳақида гапириб, ўзбек адабиётшунослари тадқиқ қилмайдиган жиҳатларни айтган эди. Хусусан, у: “Мен шундай далил бераманки, романда "кеча" бор ва "кундуз" йўқ, сабаби бу Чўлпоннинг мақсади бўлган. У ҳар доим уйғониш вақтини чўздиради”, дейди.
“Кеча ва кундуз” романининг ўзбек адабиётшунослари назаридан четда қолиб келаётган тарафларига ойдинлик кирита оласизми?
Энг асосий тезисим шуки, бошқа адабиётшуносларнинг таъбирларига қарамай, Чўлпон ўз романи орқали совет қудрати билан муроса қилмоқчи бўлганди, аммо “Кеча ва кундуз” романи ўзининг эстетика концепциясида қурилган ва бу концепция 1937 йилда мустаҳкамланган социалистик реализм асосидаги сюжетга ўхшамайди. Чўлпоннинг эстетикаси ҳақиқатан 1910-йилларда ишлаган жадид қаламдошларининг оддий риторикаси, пародияси билан уйғун. Жадидлар миллатни маърифат билан уйғотмоқчи эдилар, аммо Чўлпон шуни билиб олдики, жадидлар санъати фақатгина жоҳилиятни кўрсатишда экан. Жоҳилиятни марсия, ҳажвия ё икковини аралаш қилиб ифодалашади ва шу билан кифояланишади. Чўлпон буни кўриб уйғониш вақтини чўздиришга интила бошлади: 1920-йиллардан бошлаб Чўлпоннинг асарларида туш энг асосий мавзу бўлиб қолган ва лирик шахс ўз тушини уйғонишдан ҳимоя қилади. Мен шундай далил бераманки, романда “кеча” бор ва “кундуз” йўқ, чунки бу Чўлпоннинг мақсади бўлган. У ҳар доим уйғониш вақтини чўздиради.
Яна бир романга боғлиқ кашфиётим бор. Менимча Мирёқубни - Чўлпоннинг романдаги қаҳрамони - икки шахсга айлангани пролетар насрга хос техникадан олинган. 1920-чи йиллардаги пролетар насрда синфий кураш одатда қаҳрамоннинг миясида бўлиб турарди. Биз хаттоки украиналик Иван Ленинг “Межгорье” ("Тоғлар оралиғи") деган романида бу техникани кўра оламиз. Унда ўзбек қаҳрамони Саидали икки шахс: бири партиявий, бири буржуага бўлинади ва улар бир-бири билан курашади. Мирёқуб ҳам иккига бўлинади: бири фаҳшга бутун вужуди билан берилган ит, бири фаҳшдан воз кечади. Кўп олимлар Ўрта Осиёда Россиядагидек синфлар бўлмагани учун руҳиятдаги бу бўлиниш синфларнинг ўрнини эгаллайди, дея ҳисоблашади.
Чўлпоннинг романини таржима қиляпсиз, адабиётнинг янги йўналишларига қизиқиш билдираётган америкалик китобхон-ўқувчига бу роман қизиқиш уйғотадими?
Менимча, ҳа. Бу роман бир вақтда шарқ адабиётларининг хусусиятларини, Чўлпонга хос эстетика, киноя ва истиорасини, пролетар наср ва дастлабки соцреализм элементларини аралаштириб ёзилган ва у албатта китобхонларнинг қизиқишини қозониши мумкин. Кейинги вақтларда америкалик китобхонлар узоқ тажрибалар ва фикрларни излашмоқда. Чўлпон бир вақтда уларга ҳам таниш ҳам ғариб туюлиши мумкин ва бу оддийлик қизиқишни орттиради.
20 асрдаги ўзбек адабиёти ва ҳозирги замонавий ўзбек адабиёти жаҳон адабиёти асарлари билан рақобатдошми?
Ҳеч қайси китоб ҳаммага бирдек маъқул келмайди. Аммо кимгадир магик реализм ёқса, Ҳамид Исмаилнинг “Темир йўли”ни ўқий олади, кимгадир руҳият мавзулари ёқса, Исажон Султон ва Саломат Вафонинг ҳикояларини ўқий олади ва кимдир киноя, истиора ва тарихни хоҳласа Чўлпонни топа олади. Ўтган икки асрдан фарқли ўлароқ, ҳозирги рақобат бошқача. Ҳамма бир китобни ўқимайди. Ёзувчи ўзининг китобхонларини ва демографикларини билиши шарт.
Кристофер Форт АҚШнинг Детройт шаҳрида яшайди. XX аср ва замонавий ўзбек адабиёти мутахассиси. Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар» романларни инглиз тилига ўгирган.